КАМБАҒАЛЛИККА БАРҲАМ БЕРИШ – ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ ҚУРИШ САРИ ЙЎЛ

Муқимжон Қирғизбоев

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сиёсий фанлар доктори, профессор

– Президент Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган яна бир ижтимоий муаммо – бу қишлоқларда аҳолининг аксарият қисмининг етарли даромад манбаига эга эмаслиги, ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби кам таъминланган аҳоли қатламлари бизнинг мамлакатимизда ҳам мавжудлиги бўлди. Бу ҳақида ўз фикрларингизни билдирсангиз?

– Ҳа хақиқатан Президентимиз улар аҳолининг тахминан 12-15 фоизини – аҳолимизнинг 4-5 миллионини ташкил этишини таькидлаб, уларни ижтимоий ҳимоялашга доир вазифаларни илгари сурдилар. Бу ижтимоий ҳодиса бгунга келиб, нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки умумсайёравий даражада долзарблашганидан ҳабарингиз бор.

Сўнгги ўн йилликларда халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар томонидан камбағалликни камайтиришга доир улкан ишлар амалга оширилди. 2000 йилдан бошлаб камбағалликнинг тарқалиши икки марта камайтирилди. Лекин, шунга қарамай, ривожланаётган мамлакатларда ҳар ўн кишидан биттаси камбағалликнинг халқаро чегарасидан ташқарида турибди. (Бошқча айтганда, уларнинг кунлик даромади 1,90 АҚШ долларидан оз бўлмоқда. Миллионлаб кишилар эса, бундан ҳам оз  маблағ ҳисобига тирикчилик қилмоқда. Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида камбағаллик анча чегаралангани билан, Африканинг Сахараси жанубидаги мамлакатлар аҳолисининг 42 фоизи камбағалликнинг жуда ҳам оғир шароитлари остида яшашга мажбур бўлмоқда.

Камбағаллик – бу шунчаки барқарорлик асосида тирикчилик қилишни маблағлар билан таъминлашга даромадлар ва ресурсларнинг етишмаслиги эмас, балки улар очлик, тўйиб овқатланмаслик, таълимдан чекланган ҳолда фойдаланиш, ижтимоий дискриминация ва яккаланиб қолиш, шунингдек, қарорлар қабул қилишда иштирок этиш имкониятининг йўқлиги кабиларда ҳам намоён бўладиган ҳодисадир. Ҳозирги даврда 783 млн.дан ортиқроқ одамлар камбағалликнинг халқаро чегарасидан пастда турибди. Дунёнинг 11 фоиз аҳолиси ниҳоятда камбағаллик шароитида умргузаронлик қилмоқда, соғлиқни сақлаш, таълим ва санитария каби ижтимоий бойликларга эга бўлишга умид билан яшамоқда. 160 млн.дан ортиқ болаларнинг 2030 йилгача камбағаллик муҳитида яшаши башорат қилинмоқда.

Камбағалликка барҳам бериш БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг кун тартибида баён қилинган 17 та мақсадда мужассамлашган. Унда хусусан шундай вазифалар қўйилган: “ривожланган мамлакатлар, айниқса кам ривожланган мамлакатларга камбағаллик ва унинг барча шаклларига қарши курашиш дастури ва стратегияларини амалга оширишни маблағлар билан таъминлашни ривожлантириш учун ҳамкорликни фаоллаштириш, унга турли манбалардан йирик ресурсларни сафарбар қилиш”.

БМТ қабул қилган A/RES/72/233 резолюцияси БМТнинг камбағалликни тугатиш учинчи ўн йиллигини (2018-2027 йй.) эълон қилиб, унда бу соҳада иккинчи ўн йилликдаги (2008-2017 йй.) ўсиш суръатларини сақлаб қолиш вазифалари қўйилган эди.

2019 йилдаги энг сўнгги маълумотларга эътибор берсак, бу соҳада анъанавий қарашлар тарихга айланмоқда, камбағалликни аниқлашнинг янги индекслари шаклланмоқда. Окссфорд университети ташаббуси билан БМТ ривожланиш лойиҳаси томонидан эълон қилинган камбағаллик ва инсон салоҳиятини ривожлантириш муаммоларига оид маърузада камбағалликка анъанавий тарзда ёндашиш тугаганлигини эълон қилинди. Янги маълумотларда кўрсатилишича, мамлакатлар, ҳаттоки, оилавий хўжаликларни бой ва камбағалга бўлиш анча юзакичиликдан иборат. 2019 йилга оид глобал кўп ўлчовли камбағаллик индекси (КЎКИ) натижалари ҳам мамлакат ичида, ҳам камбағал одамлар ўртасида анча тенгсизликлар мавжуд эканлигини кўрсатди. Бу янги индекс даромадни камбағалликнинг ягона кўрсаткичи сифатида эътироф этмайди, балки, камбағалликни уч ўлчовда аниқлайди: саломатлик учун имконият (овқатланиш, болалар ўлими), таълим (таълим олишни давомлилиги ва мактабларга қатнаш) ва таянч эҳтиёжлар (ёқилғи, элект энергияси, санитария, ичимлик суви, мулкка фойдаланиш ва эгалик қилиш даражаси).

Бу пайтга келиб аниқланишича, БМТнинг янгидан ишлаб чиқилган методологиясига биноан 2019 йилнинг июль ойида камбағал одамларнинг учдан икки қисми, яъни 886 млн. киши даромад даражаси ўртача бўлган мамлакатларда яшамоқда. Яна 440 млн. киши даромад даражаси паст бўлган мамлакатларга тўғри келади.Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўртачача даражада даромадга эга бўлган мамлакатлар жамиятидаги катта тенгсизликларни беркитиб туриши мумкин экан.  “Кўп ўлчовли индекс” методологияси 5,7 млрд. аҳоли яшайдиган 101 мамлакатдаги ҳаёт даражасини – таълим, соғлиқни сақлаш  соҳалари бўйича камбағалликнинг 10 та омилини ўз ичига олган ҳолда аниқлаб беради. Бу каби кенг миқёсли тадқиқотлар 2007-2018 йилларда ўтказилган сўровномаларга асосланиб 101 мамлакатдаги ҳолатни индикаторлар ва ёш белгилари бўйича ўрганиб, алоҳида мамлакат, минтақа ва ёш категориялари бўйича муайян вақтдаги ўзгаришларни аниқлаш имконини берди. Айни вақтда бу таҳлиллар турли давлатларнинг камбағалликка қарши курашиш сиёсатини белгилашда жуда муҳимдир.

– Бу каби ўтказилган тадқиқот ва таҳлиллар бизнинг мамлакатимизда ҳам олиб борилганми? Агар ўтказилган бўлса, унинг натижаси қандай бўлди?

– Ўзбекистон бу тадқиқотлар объектига кирмаган. Шундай бўлсада, Жаҳон банки ва Ўзбекистон статистика қўмитаси томонидан ўтказилган тадқиқотларга биноан мамлакатда кунига 3,2 доллардан кам даромад ҳисобига яшайдиган аҳоли 9,6 фоизни ташкил этган бўлса, 5,5 долардан кам даромад оладиган аҳоли 36,6 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон камбағаллик даражаси бўйича Қозоғистондан кейин турса ҳам, Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан камбағал аҳолининг камлиги бўйича олдинги ўринда туради.

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, Президент Ш. Мирзиёевнинг Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар ва жаҳон тажрибасида камбағалликни аниқлашнинг янги методологиясини пайдо бўлиши муносабати билан Ўзбекистонда бу ижтимоий тенгсизликни камайтириш, камбағаллик индекслари ва янгича тушунчаларини аниқлаш давлат сиёсати дларажасига кўтарилди.

Натижада Ўзбекистонда ҳам камбағаллик даражаси халқаро меъёрий хужжатлар ва бу соҳадаги миллий сиёсат таъсирида аста-секинлик билан пасайиб бормоқда. Жумладан, 2017 йилдан бошлаб бу соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилди. 2018 йилдан бошлаб “2030 йилгача камбағалликни икки марта қисқартириш” дастури асосида  соҳада сезилари ўгаришларни амалга оширишга эришилди.

Маълумки, Ўзбекистон 2015 йил сентябрда бошқа БМТ аъзолари билан бир қаторда “2030 йилгача Глобал кун тартиби ва барқарор ривожланиш мақсадлари”га қўшилган эди. Ана шу халқаро хужжат асосида тузилган махсус Мувофиқлаштириш кенгаши томонидан Ўзбекистон шароитида глобал мақсадларга мослашувга доир муайян ишлар амалга оширилди ҳамда бу соҳадаги миллий мақсадлар ва барқарор ривожланиш вазифалари ишлаб чиқилди. Бу хужжатлар лойиҳасида 2030 йилгача бўлган муддатга 17 та мақсадлар ва барқарор ривожланиш вазифалари белгиланди. Уларнинг ичидаги биринчи мақсад – бу 2030 йилгача аҳолининг кам таъминланганлик даражасини икки мартага камайтириш, деб айтилди.

Yuqoriga o'tish
O'zbekiston matbuoti | Ilmiy nashr