Карим Баҳриев
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик Кенгаши раиси.
– Сиз бир умр сўз эркинлиги тамойилларига суяниб яшадингиз. Балки, замон зайлига қараб иш тутганингизда, ўз принципларингиздан чекинганингизда, ҳозиргидан кўпроқ мавқега эришармидингиз, нима деб ўйлайсиз?
– Конфуцийнинг бир ҳикмати бор: “Адолатсиз замонда бой бўлиш уят, адолатли замонда камбағал бўлиш уят”, деган буюк файласуф. Яъниким қўл-оёғинг бутун бўлса, ҳалол ишлаш ва ҳақ олиш имкони бўлса-ю ишламасанг уят, аммо одамдай яшаш учун имкон бўлмаса, пул топиш фақат ҳаром йўллар билан бўлса, унда бой бўлиш уятдир.
Худди шу каби мансабга эришишнинг йўли ҳалол бўлмаса, мавқега эришиш учун ёлғон сўзлаш, адолатсизлик қилиш бўлса, албатта, мансаб керак эмас. Биз Ҳақнинг қули, ҳақиқатнинг талабгоримиз. Ҳақиқатга талаб бўлган жойда туну кун ишлашга тайёрмиз.
Мансабга келсак, унга қизиқмаганман. Пешонамга ёзилганича барини кўрдим, Тангри таоло қанчасига муносиб кўрса, ўшанчасини кўрдик. Ортиғига иштиёқманд эмасмиз.
Биз танқид тарафдори бўлганмиз. Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги кундек равшан. Аммо журналистдан ҳамма кўпроқ танқидни кутади. Танқид кимга кўпроқ керак: журналистгами, у чиқаётган нашргами ёки жамиятга?
Танқид – агар тузум ҳуқуқ устувор бўлган, адолатли ва демократик тузум бўлса, ҳамма учун фойдалидир.
Ҳақиқатни ёзиш журналистга фойда, чунки у аввало ўз касбининг шарафини оқлайди, ўз номуси ва орини юксакка кўтаради ва халққа ҳам, Холиққа ҳам мақбул ишни қилади.
Ҳақиқатни чоп этиш, такрор айтамиз, агар тузум демократик ва адолатли бўлса, нашрга ҳам фойдали, чунки унинг ҳақиқий обуначилари, мухлислари кўпаяди, натижада реклама берувчилари кўпаяди даромади ошади. Достоевский: “Пул – чоп этилган озодлик”, деган. Бойнинг овози баландроқ чиқиши шундан. Аслида бобомиз Замахшарий: “Ҳақ сўзлаганнинг овози арслон ўкиришидан ҳам кўра шиддатлидир”, деганлар.
Ҳақиқатни ўқиш, тафаккур қилиш, муаммоларнинг илдизига етиш ва ечимларни топиш – жамиятга ҳам фойдалидир, турли-туман фикрларсиз тафаккур ўлади, иқтисод инқирозга учрайди, маънавият пароканда бўлади.
– Яхши журналист сизнинг назарингизда қандай бўлиши керак?
– Яхши журналист – ҳақиқатни ёзиши керак. Фақат ҳақиқатни ёзиш ва айтиш билан ўқувчи ва тингловчи қалбига йўл топиш мумкин. Ижодкорга уч фазилат керак – жасорат, маҳорат ва маърифат. Бунинг учун рост сўзлашга жасорат, ўқувчи учун қизиқарли ва саводли етказиш учун маҳорат ҳамда золимга нафрат ва мазлумга мурувват берадиган умуминсоний бир маснаддан ёзишга, одамзодга шафқату заифларга меҳр позициясида бўлишга етарли маърифат лозим.
Журналист ҳақиқиатни ёзадиган бўлиши керак. Кўряпмизки, сўз эркинлигининг бор-йўқлиги мамлакатдаги адолатнинг бор-йўқлини белгилайдиган омилдир. Агар сўз эркинлиги бўлса, иқтисод ҳам ривожланади, коррупция ҳам жиловланади. Лекин ҳақиқатни ёзадиган журналистлар, блогерлар яна таъқибга олина бошланса, “ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз” бошланади – коррупция, турғунлик ва зулм авж олади, дунё яна бизга ёввойи қабилага қарагандек қарай бошлайди, ижобий жозибамиздан асар ҳам қолмайди, рейтингларда яқиндагина олдинга чиқаётган еримизга, Африка занжилари қаторига қайтамиз.
Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша “ура-ура” материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир. Сайтлардан бу хабарларнинг битта-яримтаси йўқолса, уни қўйган бирор дадиллик қилган муҳаррирнинг қўрқоқлиги билан изоҳласак бўларди, лекин уларнинг бирданига ҳаммасидан олиб ташланиши масаланинг анчайин кучли шахслар томонидан олишга мажбурланганини билдиради. Лекин мамлакат раҳбарининг сиёсати цензура эмас, очиқликдир.
– Бугунги кун журналистикасидан кўнглингиз тўладими? Бу касбни инсон руҳияти билан қандай боғликлиги бор?
– Демократик тузум учун эркин матбуот тамал тошларидан биридир. Демократик давлат инсон эрки ва ҳуқуқлари эътироф ва эъзоз этилиши демакдир. Ҳуқуқлар ва эрк ҳақида айтишники иложи бўлмаса, сўз эркинлиги бўғилса, қолган ҳуқуқларни амалга оширишнинг имкони ҳам бўлмайди.
Бугунги журналистика ҳолатига, сўз эркинлиги даражасига келсак, ҳар бир нарса қиёсда кўринади. Бугунги авлод ёшлари ҳатто эслай олмайди, 2000-йиллар бошида ҳам мамлакатда цензура мавжуд эди ва ҳар бир газета ва журнал, ҳар бир телекўрсатув ва радио эшиттириши аввал нозир кўригидан ўтказилиб, кейин чоп этишга ёки эфирга рухсат этиларди… Худога шукрки, бугун у замон эмас.
Даражага келсак, 1993–20016 йилгача бўлган даврга қараганда бугун сўз эркинлиги борасида анча олдинга қадам ташланди. Аммо бу эркинлик ҳали 1985-1992 йилги “қайта қуриш” ва “озодликка эришиш” даври матбуотига етмади. Дунё матбуоти даражасига кўтарилиш эса – бир орзудир.
Бугунги сўз эркинлиги борасидаги олдинга қўйилган қадамларнинг бир чети Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар туфайли бўлса, иккинчи чети янги ахборот технологиялари, глобаллашув инъом этган коммуникациялар туфайлидир. Интернет ва ижтимоий тармоқлар яратган имкон туфайли бугун газета ва журналларни, телеэшиттиришларни ибтидоий ҳолда ушлаб туришдан маъни қолмади. Ҳозирги кунда провайдерлар айрим сайтларни блоклаши даври ҳам ўтади, чунки эртага сунъий йўлдошларга ўрнатиладиган Wi-Fi қурилмалари орқали текин интернет бутун Ер юзига тарқала бошлайди ва дунё яхлит чегарасиз интернетлашади. Диктатура режимлари ҳаводан сигналларни тутиб қола ололмайди унда. Бу мамлакатга эсаётган ҳавони, таралаётган қуёш нурини ёки ойнинг шуъласини тўхтатишга уриниш билан баробардир.
“Бугунги кун журналистикаси” турли тоифаларни ўз ичига олади. Унинг ҳар бир қисмини алоҳида қараш керак. Агар гап битта журналист ёки бир нашр ҳақида борса, фикр айтишимиз мумкин. “Ҳозирги кун журналистлари” ибораси ўз ичига давлат нашрларининг ҳали ҳам ҳадиксираб турган ходимларини, нодавлат нашрларининг шов-шувли сариқ матбуоти ходимларини, чинакамига ҳақ сўзни ёзаётган ва бу учун жафо чекаётганларни, бошқа ОАВлардан бир қадар олдинга кетган интернет сайтлари журналистларини, ҳақиқатни ёза бошлаган, лекин анча тўпори ва жайдари блогерларни ҳам ўз ичига олади. “Ҳақиқат” истилоҳига келсак, ҳар кимнинг ўз ҳақиқатлари бор. Айрим мавзуларда ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзуларда чала ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзулар эса четлаб ўтилмоқда.
Давлат матбуоти демократик тузум учун кулгили ва ёт тузилмадир. Тараққий қилган давлатларда, дейлик, АҚШ Сенатининг ёки Олмония прокуратурасининг ёхуд Англия ҳукуматининг “Халқ сўзи” ёки “Инсон ва қонун” каби газета ёки журнали йўқ. Олмония Бош прокуроридан сўраганман: “Бизнинг милиция ва прокуратурада қатор газета ва журналлар бор, ҳатто медиамарказлар барпо этишмоқда. Сизда нега йўқ?” У шундай жавоб берганди: “Агар ўзимизни мақташлари учун газета чиқарсак, бу газетамас, реклама баннери бўларди ва уни ким ҳам сотиб олади?! Агар танқид қилиши учун газета очсак, нега биз ўзимизни танқид қилишлари учун пул тўлашимиз керак?! Мамлакатдаги ҳамма газета-журнал пул тўламасак ҳам, фақат танқид қилади”. Ростдан ҳам, матбуотнинг вазифаси камчиликларни топиш, танқид қилиш, мунозара очиш ва ечимларини излашдир. Ҳукуматга ҳам, жамиятга ҳам, халққа ҳам журналистиканинг ёрдами ва вазифаси танқиддир.
Афсуски, мажбурий обуна ёки Давлат бюджети ҳисобидан яшаб келган ва келаётган давлат нашрлари иккиланишда – мажбурий обунанинг чекланиши уларни молиявий аҳволини оғирлаштирди, энди улар ҳақиқатни ёзиб муштарий дилини топсалар, обуналари кўпаяди ва молиявий аҳволлари яхшиланади. Аммо ҳақни айтишга чўчимоқдалар, яна давлатнинг молиялашидан умидворлар ва бозор иқтисоди шароитига мослаша олмаяптилар, кўкракка талпинган гўдак каби ҳомийларга кўз тикиб жовдирамоқдалар.
