ДИКТОР ВА СУХАНДОН СИНОНИМ ЭМАС

Бу йил Ўзбекистон миллий телевидениесининг ташкил топганига 65 йил тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси, таниқли диктор Насиба Ибрагимова билан суҳбатлашдик. Суҳбат давомида Насиба Исмоиловна радио ва телевидение тарихига оид маълумотларни ҳам тақдим этди. Ушбу маълумотлар телерадио соҳасига қизиққан мухлисларимизга, илмий-тадқиқот олиб борувчи изланувчиларга асқатади деб ўйлаймиз.

Насиба Ибрагимова

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси, таниқли диктор

Айрим манбаларда диктор ва сухандон сўзларини синоним сифатида ишлатишади. Бу қанчалик тўғри?

Диктор ва сухандон сўзи синоним эмас, таржимаси ҳам эмас. Дикторга бошқа, сухандонга бошқа талаб қўйилади.

Дикторнинг вазифаси, сиз ёзиб берган матнни чиройли қилиб, томошабинга, тинг­ловчига етказиб бериш. Яъни “я диктую то что вы написали”. Бу менинг матним эмас, балки маълум бир муаллиф томонидан ёзилган матн. Диктор фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, у расмий ҳужжат бўладими, бадиий матн бўладими, ижтимоий матн бўладими уларни чиройли тембрда, чиройли овозда ҳар битта сўзни дона-дона қилиб, сўз ичидан сўзни, ўзагини ва ҳарфни алоҳида ажратиб олиб, етказиб берадиган шахс. Яна бир жиҳати, дикторлик фаолиятида эркак ва аёл овозининг мувозанати сақланиши керак. Дейлик, эркак бошловчи ахборотни ўқияпти. Расмий матн келди. Бу энди Президент Фармони ёки қарори бўлиши мумкин. Уни яна эркак диктор ўқиши керак эмас. Бу ўринда олиб бораётган шахснинг биттаси аёл бўлиши керак. Эркак ва аёл овоз ўқиганда биринчидан, қабул қилишимиз енгил бўлади, иккинчидан, бу матндан у матннинг фарқи ажралиб туради. Касб талабига жавоб берадиган, овоз потенциали, кўриниши, матнни ҳиссиётга берилмасдан, расмий матн сифатида етказиб беришга ҳаракат қиладиган шахс – бу диктор.

Сухандон мавзуни чуқур ўрганган, ўзи ёзадиган, ўзи сўзлайдиган, жуда чиройли, бадиий қилиб, ҳамманинг диққат эътиборини жалб қила оладиган даражада етказиб берадиган иқтидорли шахс – бу сухандон. Демак, матн ўзиники, етказиб бериш ўзиники, қолаверса, унинг ўша талаб даражасидаги имкониятлари – овоз диапазони ёки экранда кўриниш салоҳиятлари, сийрати, ичидаги бутун маънавиятини суратига чиқариб бериши керак. У воиз, у сухандон. Воизлиги фикри тиниқлиги, сиз билан менга етказмоқчи бўлган фикрини чиройли ифодалаб бериш маҳорати, қолаверса унинг сўз бойлиги ниҳоятда кенг  бўлади. Натижада томошабин бошқа каналга ўтмайди. Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий   шеърлар ёзиб, чиройли қилиб ифода этиб берганларни сухандон деганлар. Ривоятларга кўра, Алишер Навоий Ҳиротда давлат юмушлари билан банд бўлган пайтларида Гули бетобланиб, оламдан ўтади. Шунда ёнидагилар маслаҳатлашиб, бу жуда оғир мусибатни нома орқали билдиришади: “Сарв гулнинг соясида сўлди гул, нетмоқ керак?”  Ҳазрат англайдилар ва: “Сарвдан тобут ясаб, гулдин кафан бичмоқ керак”, дей­дилар. Мана бу сухандоннинг иши. Сухандонлик билан уларга мурожаат қилинди, сухандонлик билан жавоб қайтарилди.

Бошловчи эса, 15–20 нафар кўрсатув ёки эшиттириш иштирокчиларини бошқариб, уларга сўз беради, фикрда чалғиса маданият билан яна тўғри йўлга туширади.

Яқинда давлат каналларимиздаги бир кўрсатув бошловчисига “олиб борувчи” деган субтитр ёзилди ва тўғри ёзилди. Бу янги атама. У бошловчи эмас, у 4-5 кишини бошқараётган бошловчи эмас, у олиб боряпти, бир кўрсатувни томошабинга етказиб беряпти. Радиода ҳам худди шундай, у олиб боряпти.

Сиз билан мен суҳбат қиляпман, сиз олиб борувчисиз. Сиз мени олиб боряпсиз. Сиз менга у ёки бу мавзуда саволлар бериб, фикрим чалғиб кетишидан асраб, ниҳоятда эҳтиётлик билан бошқариб турибсиз.

Филология фанлар номзоди Раҳимбой Жуманиёзовнинг 2016 йил чоп этилган “Тошкентдан гапирамиз” (ёки қироат қироли Ўзбекистон халқ артисти Қодир Махсумов ҳаёти ва ижодидан лавҳалар)” китобида Қодир Махсумовни “қироат қироли” деб таърифлайди. Бунга
фикрингиз?

Раҳимбой Жуманиёзов ўзи ижодкор, сўз билан ишлайдиган шахс бўлгани учун сўзга унинг диққати, эътибори бўлакча. Ҳамма нарса ҳаётда таққослашда, баҳсда, қиёслашда билинади. Кимдир тўғрисида бирон фикрни айтишимиз учун биз албатта, ўша муҳитга назар ташлашимиз, ўша муҳит талабидан келиб чиқишимиз керак бўлади. Албатта, Қодир Махсумов ўша даврда, ўша муҳитда ишлаган ҳамкасблари ичида алоҳида ўринга эга бўлган. Сабаби, овоз микрофонга мос бўлган, “овози мик­рофон овози” ва саводли, ижодкор инсон эди.

Р.Жуманиёзов шунинг учун ҳам Қодир Махсумовга ишора қилди. Уни ижодига мурожаат қилдики, шу ноёбликни оммалаштирмоқчи бўлди. Энди “қироат қироли” дейишига келсак, биз ўша пайтда дунёвий илмда ҳам, диний илмда ҳам “қироат” сўзини ниҳоятда кам ишлатдик. Ваҳолонки, ишлатишимиз керак. Қодир Махсумов диктор сифатида қироат қиларди. Ўша қироати натижада бадиятни ҳам ҳадя этди. У дикторлигидан ташқари, назмда ҳам, насрда ҳам ижод қилди ва унинг шеърларига куй басталаниб қўшиққа айланди. Энг муҳими, дикторлар ичида номига кўча қўйилган диктор, ҳозирча, якка Қодир Махсумовнинг ўзи.

Бугун ижтимоий тармоқларда, айнан ютуб каналларида ўз каналини очиб, информацион дастурларни олиб борувчилар юзага келяпти. Хўш, бунга муносабатингиз қандай?

Интернет хоҳлаймизми, хоҳламаймизми замонга, давримизга кириб келган янгилик. Биз буни инкор қила олмаймиз. Шу билан бирга, уни қандайдир бир тартибга солиш имкониятимиз ҳам бўлиши керак. Албатта, улар буни хоҳламайди, исташмайди. Улар шундай бир эмин-эркинликка интилиб ва шунга эришдики, ҳақиқатдан йироқ, тасдиқланмаган фактлар ва бир-бирини такрор­лаган маълумотлар узатмоқда. Мен шу нарсага эришдимми, лайк босишдими, уникидан меникини сони кўпайдими, демак, мени кўпроқ кўришяпти, мени кўпроқ эшитишяпти, деб ўйлашади. Аслида, ким эшитяпти уни? Ким кўряпти, уни? Жамоанинг керакли бўлган, жамоани илгари сура оладиган қатлами эшитиб, кўряптими ёки ўзининг даражасидагилар эшитиб, кўряптими? Минг афсус, биз бу рейтингни белгилай олмаяпмиз.

Нафақат ютубда, телеканалларимизда ҳам, ўша сиз айтаётган талаб даражасида билим ва етарли тажрибага эга бўлмаган ёшлар  кам эмас. Профессионал мутахассис сифатида айтишим мумкин, уларни на бошловчилар, на олиб борувчилар, на сухандонлар, на дикторлар қаторига қўша оламиз. Агар шу йўналишда фаолият юритмоқчи бўлишса, улар ўз устиларида жуда кўп ишлашлари лозим.

Сиз таърифлагандек сухандонлар бугун борми? Кимларни айтиш мумкин?

Сухандон даражасига етишга ҳаракат қилаётганлар бор: Жамшид Умрзоқов, Нодирхон Муҳаммадхонов, Жаҳонгир Олимов, Илҳом Абдураҳимов, Ғолибназар Қурбонов ва албатта, Дилдора Рустамова. Булар диктор сифатида ҳам шаклланган.

 Ўзбек телевидениеси дикторлари матн­дан узоқлашиб, дикторлик столидан туриб, эркин ҳаракатланган ҳолда кўрсатув олиб боришга ўтганларига анча бўлди. Ҳатто, Москванинг етакчи каналлари дикторлари ҳам бизни дикторларимиздан кейин ана шундай  кўрсатувлар олиб бора бошладилар. Ўшанда ҳам ҳаммалари эмас. Ҳақиқатан ҳам, бугун ўзбек телевидениесининг ижодий ва техник имкониятлари жаҳон билан бўйлаша оладиган даражада.

Yuqoriga o'tish
O'zbekiston matbuoti | Ilmiy nashr