
Кейинги йилларда юртимизда матбуотга, оммавий ахборот воситаларига, эркин сўз минбарига катта имкониятлар яратиб берилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг журналистларга қарата: “Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар, ортингизда Президент турибди”, деганлари ҳар бир журналистга далда ва куч бўлаётир. Бундай эътибор, ғамхўрликка жавобан юртимизнинг ҳар бир соҳа ёшлари, журналисти, матбуот вакили янада фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиши, яхши ижод қилиши ҳам фарз, ҳам қарздир. ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа билан суҳбатимиз ҳам мана шу мавзуда бўлди.
Шерзодхон Қудратхўжа
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети ректори, профессор
Бизга маълумки, журналистик жамиятда профессионал журналистик таълимнинг долзарблиги ва моҳияти малакали рақобатбардош журналист кадрларни тайёрлашдан иборат. Айни вақтда бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Профессионал журналистик таълим масаласи ҳамиша соҳада баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Негалиги ҳақида мана сиз бош муҳаррир сифатида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Чунки журналистика ижодий соҳа бўлгани учун баҳсларга сабаб бўлган. Баҳсларда эса журналист бўлиш учун олий ўқув юртида ўқиш шарт эмас, ёзишни, гапиришни, тушунтиришни билса бўлди, деб ҳисоблашади. Аслида бу нотўғри ҳам эмас. Сабаби, юрагида ўти, иқтидори, Аллоҳ берган истеъдоди бўлмаса, журналист бу соҳада ишлолмайди. Иккинчи томондан, журналистик олий таълим бошқа соҳалардек кўҳна эмас, ХХ асрнинг бошларида дастлаб университетларда пайдо бўлган. Юртимизда ҳам 1949 йил СаГУ (Ўрта Осиё давлат университети) ўзбек филологияси факультети таркибида йўналиш бўлган ва 1967- йилдан алоҳида факультет бўлиб чиққан. Унгача таҳририятларда “Устоз–шогирд” анъаналари асосида мутахассислар етишиб чиққан. Янги ишга келган ходим мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган пайтда яхши ёзадиган мухбирларга шогирд тушиб, ундан қандай ёзишни ўрганган. Бу анъана ҳозир ҳам медианинг исталган турида сақланиб қолган. Бироқ соҳанинг назарияси, қонуниятлари, амал қилиш лозим бўлган вазифалари, принциплари, психологияси, амал қилиниши лозим бўлган ҳуқуқий-ахлоқий меъёрлари, ахборот-коммуникация технологияларнинг мислсиз тараққий этган шароитида масс-медиада технологияларни билмасдан туриб, ишлаб бўлмай қолди. Демак, Худо юқтирган истеъдоддан ташқари янгиликлар, технологияларни билмаса, яхши журналист бўла олмайди. Бунинг учун соҳани биладиган дипломли мутахассис бўлиши зарур. Журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш деганда университетларда журналистик таълимнинг йўлга қўйилганлиги назарда тутилади. Очиқ айтиш керак, соҳада кадрлар тақчиллиги муаммоси мавжуд.
Шунинг учун сўнгги йилларда журналист кадрлар тайёрлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги қарорига кўра, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Бунда хозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ижодий ишлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш кўзда тутилганди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгандан кейин, илгари фақат журналистика соҳаси бўйича битта бир хил мутахассис тайёрланган бўлса, ҳозирда бизнинг университетни ўзида ўн етти йўналишда мутахассислар тайёрланади. Бундан буёғига даврнинг ўзи соҳада ихтисослашишнинг заруратини юзага келтирди. Энди матбуот, радио, телевидение, интернетдан ташқари, жамиятдаги соҳаларга ихтисослашишни назарда тутяпман. Ҳозир бизнинг университетда медиабошқарув, дизайн, сиёсатшунослик, спорт, ҳарбий журналистика, санъат журналистикаси, саёҳат журналистикаси ва бошқа шу каби йўналишлар очилган. Аммо бу журналистикада кадрлар муаммоси бор деб, ҳар бир университетда журналистика факультети очиш керак, дегани эмас. Ҳозир ўн бир университетда журналистика факультети мавжуд. Муаммолар ҳам босқичма-босқич ҳал этилади, фақат бу факультетнинг очилганини муаммонинг ечими деб қабул қилиш керакмас. Негаки, сифат масаласи мавжуд. Бу университетларда талабаларга ким дарс беради? Профессор-ўқитувчиларнинг етишмаслигининг ўзи ҳам муаммога айланади.
Айтингчи, тадбирнома ва статистик хабарлардан холи, чуқур таҳлилий ва танқидий материалларни тайёрлашда нима учун бизнинг журналистлар ҳамон оқсайдилар?
Соҳага қизиқадиган, ўз ишини яхши кўрадиган, уни қисмати деб биладиган, ўзини ҳурмат қиладиган, ўзи тайёрлайдиган ахборотнинг харидорини биладиган журналист ҳеч қачон материални пресс-релизларга таяниб ёзмайди. У ҳамиша ҳақиқийлик ва табиийликка интилади. Бу ҳам сифатли таълим билан боғлиқ. Шунинг учун биз анъанавий таълимдан чекинишга, машғулотларга кўпроқ соҳанинг ҳақиқий эгаларини таклиф қилишга, таҳририятларнинг ўзида дарс ўтишга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо талабаларда ғалати дунёқараш бор. Университет таълимини мактаб таълимидай тушунишади. Ўқитувчи ҳамма нарсани ўргатиши керак деб ўйлашади. Университет кўпроқ мустақил таълимга асосланишини тушунишни исташмайди. Ёки журналистика соҳасига ўқишга кирганлар кўп ўтмай ишга ҳам киришади. Шу билан ўқишга келмай қўйишади, яъни диплом учун ўқийдиганлар ҳам йўқ эмас. Бу нотўғри, университетда ўқиш даврида соҳанинг илғор томонларини яхши ўрганишлари керак.
Бир ўзингиз бир нечта ташкилотга раҳбарлик қиласиз, дарс берасиз, жамоатчилик ишлари ва ҳатто блогер ҳамсиз. Бир кишига шунча иш оғирлик қилмайдими?
Агар сиз қилаётган ишингиз, фаолиятингиз тизимга асосланган бўлса, агар сиз бир ҳафта мобайнида қилаётган ишларингиз миқдорини билсангиз, қийин бўлмайди. Ва мен ҳар бир ишлаган ишхонамда бир хил тамойилларда ишлайман. Яъни адолатли бўлиш, одамларга ёрдам бериш, уларнинг муаммоларини оригинал йўллар билан ечиш. Шунинг учун, мен бу формулани ҳар жойда қўллайман. “Тайм менежмент”, яъни вақтни тежаш мен учун муҳим. Баъзида одамлар сизда икки соатлик гапим бор, анча гаплашайлик дейишса, мен йўқ дейман ҳамда унча қийналмайман. Бу менда тизимга айланиб бўлди. Яна бир нарса, инсон ўз касбини севиб, уни хоҳлаб танласа, соҳада ишлаш у учун умуман қийинчилик туғдирмайди.
Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамалар марказида бўладиган таниқли инсонлардан бирисиз. Бунга сабаб нима? Шов-шувга, шон-шуҳратга интилишми, эҳтиётсизликми ёки шунчаки тасодифлар занжири?
Ижтимоий тармоқларда муҳокама марказида бўлишга ўрганиб қолдим. Чунки, биз журналистлар бугун шундай имкониятга эгамиз. Илгари инфлуэнсер блогерларнинг имконияти бундай бўлмаган. Бу яхши нарса, чунки жамиятда кўп муаммолар бор. Ҳар доим ҳам одамларнинг сизнинг фикрингизга қўшилмаслигининг ҳам ўз жиҳати бор. Мен бошқа одамнинг фикрини ҳурмат қилишни, уни таъқиб қилмасликни, уни фикри учун сазойи қилмаслигини хоҳлардим. Бу демократик жамият талабидир.
Менда шон-шуҳратга интилиш йўқ. Бунақа ёшдан ўтганман. Бу нарса эҳтиётсизлик ҳам эмас. Биз кўп вақт тоталитаризм, яъни якка ҳокимлик даврида яшадик. Бугун Янги Ўзбекистонда бошқача. Мен ўйлайманки, Ўзбекистон шу вазиятдан, яъни бошқаларнинг фикрини “хайп” қилиш жараёнларидан қанчалик тез ўтса, фуқаролик жамиятини, эркин жамиятни қурган бўламиз.
Бугунги кунда интернет шарофати билан ҳамма журналист ёки блогер бўла олди. Шундай экан, келгусида махсус журналистик таълимга эҳтиёж бормикин?
Тўғри бугуннинг медиақиёфаси тамоман бошқача ва жуда мураккаб. Аввал журналистларнинг ёзганларига бутун жамият ишонарди, у билан ҳисоблашарди. Ҳозир ҳамма журналист, қўлида смартфони, гаджети бор одам кўриб турган воқеани тасвирга, расмга олиб, инстаграм, фейсбук, телеграм орқали узатяпти. Шуни сал уддалаган одам ўзини блогер деб эълон қилади. Аммо, менимча, бу ҳам вақтинчалик тенденция. Ҳадемай, аҳоли ўзини блогерман деб олиб, дуч келган жойдан тайёрлайдиган турли шов-шувли, сенсацион, мазмуни ва савияси паст ахборотдан безор бўлади. Улар сифатли ахборотга эҳтиёж сезади. Бундай ахборотни журналистлар тайёрлайди. Жамиятдаги ўзгаришларга қараб журналистларнинг роллари ўзгариши мумкин.
Шунинг учун мен келажакда журналистик таълимга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин, деган башоратни қилишим учун ҳали жиддий сабаб кўрмадим. Фақат ахборот билан ишлайдиган мутахассисларнинг вазифалари, роллари алмашиши мумкин. Худди журналистиканинг ўзи сингари. Масалан, аввал матбуот дейилган, кейин ОАВ, оммавий коммуникациялар деган тушунчалар оммалашди. Ҳозирги кунда масс-медиа дейиляпти. Аммо фақат восита ўзгаргани билан моҳият ўзгармаяптику?
Ўзбек журналисткасиниг келажагини шу соҳанинг ёрқин вакилларидан бири сифатида қандай тасаввур қиласиз?
Журналистиканинг келажагини қарайдиган бўлсак, бугунги глобаллашув жараёнида у дунёдаги жараёнлардан, албатта, фарқланмайди. Аксинча, у билан доимий чамбарчас боғлиқ бўлади. Янги феномен ҳосил бўлган бу – интернет. Глобаллашув интернет орқали намоён бўлади. Ҳар бир жараённи жуда тез фурсатда кузатиш имкониятига эга бўласиз. Айтилаётган хабарлар барчаси ҳаққоний бўлсагина.
Ўзбек журналистикасининг эски бир мактаби бор. Булар объектив холис бўлиш, сифатли контент тайёрлаш. Лекин бу мезон қолиши керак, ҳар бир-берилган нарса факт чекинг қилиниши керак. Биз бирор бир воқеани айтишга шошамиз. Кимгадир зарар бериши ёки нотўғри оқибатларга олиб келишини умуман ўйламаймиз. Балки интернетдаги ахборотларнинг битта камчилиги шундадир. Шуни ҳам айтиш керакки, хабарларни нотўғри талқин қилишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Чунки айтилаётган ва жаранглаётган ҳар бир нотўғри хабар мамлакат имижига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Инсоният журналистикаси шунақа.
«Ҳақиқий журналист» деган иборани сиз қандай изоҳлайсиз?
Қўштирноқ ичидаги «ҳақиқий журналист»ни қандай маънода тушуниш керак? Буни ҳар хил талқин қилиш мумкинда. Агар тўғри маънода бўлса, менимча, ҳақиқий журналистнинг «темир таърифи» бўлмаса керак. Аммо, ҳақиқий журналист қиёфаси ҳақида ўйлаганимда, кўз ўнгимда ўрганишдан чарчамайдиган, ҳар нарсага қизиқувчан, кузатувчан, халққа, Ватанга ва ҳақиқатга хизмат қиладиган, журъатли, жасоратли, фикрида собит, ўз касбининг фидойисини тушунаман. Бошқача маънода, айтайлик салбий маънода бўлса, бу ҳақида фикр билидиришни ўзимга эп кўрмайман. Чунки салкам ўттиз йилдан бери шу соҳада ишлаб, бу касбнинг барча паст-баландларини бошидан кечирган ва шунга қарамасдан ҳали ҳам шу касбни жуда яхши кўрган журналист сифатида унинг ёмон томонларини гапиргим келмайди.
Бугун кунимнинг иккинчи ярмини фақат саволларингизга жавоб қайтаришга кетгаздим. Ўйлаганларим, мулоҳазаларим ўқувчи қалбига етиб борса, улардан тегишли хулосалар чиқарса, бундан жуда хурсандман.
«Ўзбекистон матбуоти» журнали таҳририяти ва ўқувчилари номидан Сизга самимий та-шаккур билдирамиз, машаққатли ва фахрли фаолиятингизга омадлар тилаймиз.
